НАТО Украинага 21 млрд евро ёрдам ажратади
Олам
−
12 Апрель
1478Кеча, 11 апрель куни Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтган Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳи (Рамштейн формати, Ukraine Defense Contact Group, UDCG) йиғилишида Украина мудофаасини кучайтириш учун жами 21 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратилиши эълон қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, бу сумманинг ярмидан кўпи – тахминан 11 миллиард евро Германия ҳиссасига тўғри келади. Буюк Британия эса тахминан 5,2 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда. Германия Мудофаа вазири Борис Писториуснинг сўзларига кўра, яқин кунларда Берлин Киевга қуйидагиларни етказиб беради:
- 100 минг дона артиллерия снаряди;
- 25 та пиёда жанговар машинаси;
- 15 та асосий жанговар танк;
- 100 та ер усти кузатув радар станцияси;
- 120 та кўчма зенит-ракета мажмуаси.
Шунингдек, Германия Украинага IRIS-T зенит-ракета мудофаа тизимининг тўртта мажмуасини ва уларга 300 та ракета билан топширади.
Бундан ташқари, Британия-Норвегия томонидан ажратилган 523 миллион евро миқдоридаги қўшма пакет радарлар, танкга қарши миналар, ҳарбий техника таъмири, шунингдек юз минглаб дронларнинг харидини молиялаштиради.
“Украинага кучли армия зарур, фақат шундагина музокаралар адолатли ва барқарор тинчликка олиб келиши мумкин. Россия Украина курашни давом эттиришга қодирлигини тушуниши керак ва биз бу борада уни қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Германия Мудофаа вазири.
Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Ҳили эса ўз нутқида Россия раҳбариятини АҚШ томонидан илгари сурилган ва Киев томонидан бир ой олдин қабул қилинган тинчлик ташаббусларини барбод қилганликда айблаган.
“Путин тинчлик истаётганини даъво қилади, бироқ унинг қўшинлари ҳарбий нишонлар билан бирга фуқаро инфратузилмасини ҳам нишонга олиб, Украинага зарба беришда давом этмоқда”, дея таъкидлаган Ҳили.
Берлин ва Лондон ташаббуси билан чақирилган 27-йиғилишда 50 мамлакатнинг Мудофаа вазирликлари вакиллари иштирок этган. АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет тадбиргда видеоконференция орқали қатнашиб, иттифоқчиларга уларнинг фаолияти учун миннатдорчилик билдирган.
Маълумот учун, Украина Мудофааси бўйича контакт гуруҳи – норасмий номи билан Рамштейн формати илк бор 2022 йил апрелида Германиядаги АҚШнинг Рамштейн авиабазасида чақирилган. Ўшандан бери йиғилишлар мунтазам равишда ўтказилмоқда ва Украина учун ёрдамни мувофиқлаштирувчи асосий халқаро платформага айланган. Гуруҳ таркибига НАТО давлатлари, Европа Иттифоқи аъзолари ҳамда Украинанинг бошқа халқаро ҳамкорлари киради. Форматнинг асосий вазифалари қурол-аслаҳа етказиб беришни таъминлаш, украиналик ҳарбийларни тайёрлаш, мамлакатнинг жорий ва истиқболдаги мудофаа эҳтиёжларини муҳокама қилиш, шунингдек Россияга қарши урушда узоқ муддатли ёрдам стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина армиясини “янги босқиннинг олдини олиш” учун тайёрлаш ва қайта қуришга ёрдам бериши учун Буюк Британия ўз қўшинларини Украинада беш йилгача жойлаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинган эди. Британия ва Франция муҳокама қилаётган вариантлар орасида Украинага “Европа бошчилигидаги кучлар”ни юбориш ҳам бор. Украина ҳудудига аниқ қанча қўшин киритилиши номаълум. Европа давлатларининг фикрича, бу дастлаб Россияни тинчлик битимини бузишдан қайтаради.
LiveБарчаси