НАТО офиси раҳбари сўзидан қайтди
Олам
−
17 Август 2023
12400НАТО Бош котиби идораси раҳбари Стиан Йенссен Украина ўз ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериш эвазига алянсга аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти хатолигини тан олди. Бу ҳақда Норвегиянинг VG газетаси маълум қилди.
“Менинг бу борадаги баёнотим Украинадаги келажак сценарийлари ҳақидаги кенгроқ муҳокаманинг бир қисми бўлиб, буни айтмаслигим керак эди. Бу хато фикр эди”, дея тушунтириш берган Йенссен.
Айтиш жоизки, Йенссеннинг Украина Россия фойдасига ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиб, ҳарбий можарога барҳам берса, НАТОга қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги гаплари кенг резонансга сабаб бўлди. Масалан, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Йенссеннинг баёнотини “қизиқ” деб ҳисоблади.
“Ягона савол шундаки, уларнинг барча ҳудудлари жуда зиддиятли. Ва блокка кириш учун Киев маъмурлари ҳатто Қадимги Руснинг пойтахти Киевнинг ўзидан ҳам воз кечиши керак ", деб ёзди у Telegram-каналида.
Шунингдек, Медведев бу ҳолатда Украина Львовни пойтахт қилишига тўғри келишини қўшимча қилди. У ерга Польша даъво қилаётганига шама қилди.
Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова эса Йенссеннинг гапларини ёлғон деб атади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Йенссеннинг чиқиши Киевда кескин норозиликка сабаб бўлганди. Хусусан, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк бу сценарийни “Путиннинг ғалабаси” деб атади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳудудлар эвазига НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги гапларни қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь