Украина НАТОга аъзо бўлиши учун ўз ҳудудларидан воз кечиши таклиф қилинди
Олам
−
16 Август 2023
14239Шимолий Атлантика альянси Бош котиби идораси раҳбари Стиан Йенссен Украина Россия фойдасига ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиб, ҳарбий можарога барҳам берса, НАТОга қабул қилинишини айтди. Бу ҳақда у Норвегиянинг Арендал шаҳрида бўлиб ўтган жамоатчилик муҳокамасида сўз очди.
“Менимча, битта ечим Украина ҳудуддан воз кечиши ва бунинг эвазига НАТОга аъзо бўлиши мумкин”, дейди у.
Йенссеннинг сўзларига кўра, бу Украинадаги можаронинг тугашига олиб келади. Бироқ у Украина томони қайси ҳудудларга даъво қилишдан воз кечиши кераклигини аниқ айтмаган.
"Мен шундай бўлиши керак, деб айтмаяпман. Аммо бу мумкин бўлган ечимдир”, дея қўшимча қилди Йенссен.
Шу билан бирга, у Украинанинг ўзи қачон ва қандай шароитда музокара олиб боришни ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган. НАТО Бош котиби идораси раҳбари Киевнинг келажакда альянсга аъзо бўлиши масаласида сезиларли силжиш борлигини айтган.
Бироқ Йенссеннинг бу чиқиши Киевда кескин норозиликка сабаб бўлди. Хусусан, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк бу сценарийни “Путиннинг ғалабаси” деб атади.
“Дунё тартибини сақлаб қолиш ва "ёмон тинчлик" ўрнатишга уринишлар, тан олайлик, Путиннинг ғалабаси тинчлик келтирмайди, балки бу шармандалик ва урушга олиб келади. Бу янги "Европа бўлиниши" нинг ҳар қандай форматига, шу жумладан НАТО соябони остида ҳам амал қилади. Хўш, нега қурол етказиб беришни тезлаштириш ўрнига Россия хоҳлаган музлатиш сценарийсини таклиф қилиш керак? Қотилларни даҳшатли индулгенциялар билан рағбатлантиришнинг ҳожати йўқ”, деб ёзган Подоляк X’даги саҳифасида.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳудудлар эвазига НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги гапларни қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.
“Украина ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиш эвазига мамлакатнинг НАТОга қўшилиши ҳақида гапириш мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Бу ҳақдаги ривоятни шакллантиришда НАТО расмийларининг онгли ёки онгсиз иштироки Россия фойдасига ўйнайди. Бунинг ўрнига Украинанинг ғалабасини тезлаштириш ва НАТОга тўлиқ аъзо бўлиш йўлларини муҳокама қилиш Евро-Атлантика хавфсизлиги манфаатларига мос келади”, деб ёзган Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко Facebook'да.