НАТО давлатларининг ўқ-дори захиралари тугади – Столтенберг
Олам
−
02 Июнь 2023
10432НАТО раҳбари Йенс Столтенберг блокка аъзо давлатларнинг ўқ-дорилари тугаб бораётгани ва шу сабабли иттифоқчилар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун мудофаа битимларини имзолашни тезлаштириши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълум қилинишича, Столтенберг ўқ-дори захиралари тугаб бораётганини ҳисобга олиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун мудофаа компаниялари билан шартномаларни кўпроқ имзолаши кераклигини айтган. Ҳарбий блок раҳбари иттифоқдош мамлакатларга имкон қадар тезроқ ялпи ички маҳсулот ҳажмининг камида 2 фоизини бунинг учун сарфлашга ундаган.
Норвегиянинг Осло шаҳрида бўлиб ўтган альянс ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик йиғилишида Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи ва уни Россияга қарши курашда қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган. Унда Столтенберг бутун альянс бўйлаб ҳаракатни кучайтиришга чақирган.
“Бизга керак бўлган нарса шартномаларни имзолаш. Чунки саноат сармоя киритишга ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришга тайёр”, дейди Столтенберг.
НАТО раҳбари июль ойида Литванинг Вильнюс шаҳрида етакчилар йиғилишида иттифоқчилар мудофаа саноати бўйича ҳаракатлар режаси юзасидан ҳам келишиб олишларига умид билдирган. Унда ишлаб чиқариш ва қўшма харидларни қандай ошириш, шунингдек, ўзаро мувофиқлик ва стандартлаштиришни қандай таъминлаш кўрсатилади.
Иттифоқ, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш ҳамда ички мудофаа эҳтиёжлари учун мамлакатларнинг катта захираларга эга бўлишини таъминлаш мақсадида жанговар ўқ-дорилар, шу жумладан, 155 миллиметр калибрли артиллерия снарядлари бўйича янги кўрсатмаларга ҳам рози бўлган.
“Ҳозирча иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлаш учун захираларни тугатди. Бу барқарор йўл эмас, шу сабабли биз янги ва янада улуғвор мақсадларни амалга ошириш учун ишлаб чиқаришни кучайтиришимиз керак”, деган Столтенберг.