NASA Ойга миссия жўнатади
Олам
−
31 Август 2022
4069Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ойга учувчисиз парвоз доирасида Space Launch System (SLS) ташувчи ракетаси “Orion” космик кемаси билан учирилади. Бу ҳақда кеча, 30 август куни NASA'нинг Ойга парвозлар дастури раҳбари Майкл Сарафин маълум қилди.
“Учириш 3 сентябрь куни амалга оширилади, ойна АҚШнинг шарқий қирғоғи вақти билан соат 14:17 да очилади”, дейди Сарафин.
Шунингдек, у парвоз дастлаб 2 сентябрга белгиланганини, бироқ салбий об-ҳаво прогнози туфайли сана ўзгартирилганини айтиб ўтган.
Қайд этилишича, Artemis 1 миссиясининг ишга туширилиши 29 август куни техник муаммолар туфайли бекор қилинган. Ракета-ташувчининг двигателларидан бирида водород сизиб чиқаётгани аниқланган.
Кейинчалик SLS дастури менежери Жон Хaникaттнинг маълум қилишича, аниқланган водород сизиб чиқиши двигателлардан бирининг ишлаши билан боғлиқ бўлмаган. Муаммо бартараф этилган.
“Биз учинчи двигатель билан боғлиқ ҳеч қандай аниқ муаммоларни топмадик”, дейди у.
Маълумот ўрнида, 2019 йилнинг баҳорида NASA уч босқичдан иборат бўлган Artemis дастурини эълон қилган. Улардан биринчиси (Artemis 1) “Orion”нинг Ой атрофида учувчисиз парвозини ва унинг Ерга қайтишини назарда тутади. Иккинчи босқич (Artemis 2) бортда экипаж билан Ернинг табиий сунъий йўлдоши атрофида парвоз қилиш. Миссиянинг учинчи босқичида (Artemis 3) NASA астронавтларни 2024 йилда Ойга қўндириб, сўнгра уларни тахминан 2030 йилларнинг ўрталарида Марсга жўнатишини кутмоқда.
Фарангиз Салимова