Наркологик диспансерда ётган танишига наркотик олиб борган шахс ушланди
3-саҳифа
−
15 Октябрь 2023
8556Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган наркологик диспансерда даволанётган танишига наркотик олиб борган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бектемир туманида жойлашган наркологик диспансерда гиёҳвандликдан даволанишга ётқизилган танишини кўриш учун келган 30 ёшли фуқаро С.Т. шубҳали ҳаракатлари учун Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилган.
Ходимлар томонидан олиб борилган профилактик суҳбат чоғида С.Т. ўзи билан олиб келган пакетдаги яшил скотч билан маҳкамланган ўрам нима эканини тушунтиришдан бош тортган.
Мазкур ўрам холислар иштирокида очиб кўрилганда эса унинг ичида ўзига хос ҳидга эга жигарранг модда борлиги аниқланган. Шундан сўнг чақирувга асосан етиб келган тезкор гуруҳ ушбу фуқарони ҳудудий ички ишлар бошқармасига олиб кетган.
“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Тошкент вилоятидаги чегара божхона постида Ўзбекистон ҳудудига 55 килограмм наркотик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган чет эл фуқароси ушланганди. Ўтган ой бошида эса Тошкент халқаро аэропортида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик миқдордаги – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинганди. Олдинроқ гиёҳвандлик воситасини ички аъзосига яшириб божхонадан олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга тушди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь