Намибияда 83 та фил сўйилиб қийналганларга тарқатилади – “Reuters”
Олам
−
27 Август
7851Африканинг жануби-ғарбий қисмидаги Намибия ҳукумати 723 та ёввойи ҳайвонни, шу жумладан 83 филни сўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрда ёзилишича, ҳукумат бу орқали ҳайвонлар гўштини Африка жанубида кучли қурғоқчилик туфайли ўзини боқишга қийналаётган одамларга тарқатишни режа қилган. Расмийлар ҳайвонлар сони мавжуд яйловлар ва сув захираларидан ошиб кетган, деб ҳисоблагани учун шу қарорга келган.
БМТ маълумотларига кўра, Жанубий Африка ўн йилликдаги энг ёмон қурғоқчиликка дуч келмоқда. Намибияда жорий йилнинг июль ойида озиқ-овқат захираларининг 84 фоизи тугаган. Мамлакат аҳолисининг деярли ярми яқин ойларда озиқ-овқат хавфсизлигининг юқори даражасини бошдан кечириши кутилмоқда.
Намибия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг таъкидлашича, агар расмийлар аралашмаса бундай кучли қурғоқчилик сабаб одамлар ва ёввойи табиат ўртасида муаммолар кучайиши кутилмоқда.
“Шунинг учун аниқланган муаммоли ҳудудлардан 83 та фил сўйилади ва гўшти қурғоқчиликка қарши кураш дастурига ажратилади. Шунингдек, мамлакатда 30 та бегемот ва 60 бош буффало, шунингдек, 50 та импала, 100 та ёввойи ҳайвонлар, 300 та зебра йўқ қилиниши режалаштирилган”, дейилган хабарда.
Ҳозирга қадар 157 бош ҳайвон профессионал овчилар ва давлат томонидан шартнома тузган компаниялар томонидан овланиб, 56 минг 800 килограммдан ортиқ гўшт олинган.
Маълумот учун, Африканинг бешта жанубий давлати - Зимбабве, Замбия, Ботсвана, Ангола ва Намибияда тарқалган қўриқхона ҳудудида 200 мингдан ортиқ фил яшайди ва минтақа дунёдаги энг катта фил популяцияларидан бири ҳисобланади.