Наманганда 15 млрд сўмлик сифатсиз дорилар аниқланди

3-саҳифа

image

Наманган вилоятида умумий қиймати 15 млрд сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдога чиқарилиши олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, вилоятнинг Косонсой туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган шахс давлат реестридан ўтмаган, мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 2100 дона қутидаги “Ферромед” номли дори воситасини “шартли” харидорга 168 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 4296 қутидаги “Ферромед” дори воситаси олинган.

Баҳолаш ҳисоботига кўра, жами 6396 қутидаги дори воситаларининг умумий қиймати 1 млрд 223 млн сўмни ташкил этган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186³ -моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, Наманган шаҳрида қайд этилган ҳолатда дори воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ омбор мудири ва унинг 2 нафар танишига қарашли 3 та нотурар бино кўздан кечирилган.

Ушбу ҳолатда ҳам тегишли ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 12,8 млрд сўмдан ортиқ, 2307 турдаги жами 195 минг 323 дона контрафакт дори воситалари мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда ушбу дори воситаларига нисбатан судга оид кимёвий, товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 2 та “яширин омбор”дан хорижда ишлаб чиқарилган, тахминий қиймати 1,2 млрд сўмлик, 128 турдаги жами 45 минг 641 дона дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ушбу дори воситалари экспертизага юборилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда яширин дори омборлари аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Ҳиндистон дори Ферромед

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг