Надаль, Медведев, Циципас... “Катта Дубулға” турнирининг ярим финалчилари маълум
Спорт
−
26 Январь 2022 3454 1 дақиқа
Австралия очиқ чемпионатида иккинчи рақам остида таснифланган россиялик теннисчи Даниил Медведев канадалик Феликс Аже-Альяссимни беш сетда 6:7, 3:6, 7:6, 7:5, 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Қарама-қаршилик 4 соат 42 дақиқа давом этди.
Медведев учрашув давомида 15 марта “эйс” амалга оширди ва 9 та қўш хатога йўл қўйди. Альяссим эса ўз ҳисобига 18 та эйс ва 4 та қўш хатони ёзиб қўйди.
Ўйин кутилганидек, муросасиз кечди. Турнирнинг асосий фаворитларидан бири ҳисобланган Медведев дастлабки икки сетда имкониятни бой берган бўлса-да, қолган сетлар ўз фойдасига ҳал қилди ва финал йўлланмаси учун Греция вакили Стефанос Циципасга қарши кортга чиқадиган бўлди. Иккинчи ярим финалда эса испаниялик Рафаэль Надаль ва италиялик Маттео Берреттини ўзаро баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Австралия очиқ чемпионатининг амалдаги ғолиби дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Новак Жокович ҳисобланади. У ўтган йилги финалда айнан Медведевни 7:5, 6:2, 6:2 ҳисобида мағлуб этган эди.
Маълумот учун, “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнир ғолиби 2000 рейтинг очкоси ва 2,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига эга бўлади.
Live
БарчасиОҳангаронда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
22 Октябрь
Австралияда кучли ёмғир ёғди
22 Октябрь
Гретсияда ҳам талабалар намойиш бошлади
22 Октябрь