Нью-Йорк яқинида сўнгги 40 йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди

Олам

image

Кеча, 5 апрель куни АҚШнинг шарқий қирғоғида Нью-Жерси штатида бир кунда иккита зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Миллий Геология хизмати (USGS) маълум қилди

Маҳаллий вақт билан тахминан 10:23 да содир бўлган биринчи силкинишлар магнитудаси тахминан 4.8 ни ташкил қилган. Зилзила Филадельфиядан Бостонгача бўлган бир қанча қирғоқ шаҳарларида, жумладан Нью-Йоркда ҳам сезилган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг навбатдаги йиғилиши иштирокчилари ҳам ер силкинишларини ҳис қилган, буни ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасидан олинган видеотасвирдан кўриш мумкин. Бироқ, бинони эвакуация қилишнинг ҳожати йўқ эди ва йиғилишнинг ўзи бир неча сонияга тўхтатилди.

Биринчи зилзиладан сўнг минтақада 2 баллгача бўлган бир қанча ер силкинишлари ҳам содир бўлди ва маҳаллий вақт билан соат 17:59 да 4,0 магнитудали янги силкинишлар қайд этилди. USGS маълумотларига кўра, зилзила манбаи Нью-Жерси штатидаги Уайтхаус қишлоғи яқинида, 9,4 км чуқурликда бўлган.
Нью-Жерси ва Нью-Йоркдаги аэропортлар кун давомида фаолиятини тўхтатди. Бироқ маҳаллий ҳокимиятнинг дастлабки маълумотларига кўра, ер силкинишлари инфратузилмага жиддий зарар етказмаган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Нью-Йорк мэри Эрик Адамс яқин кунларда минтақада 3 магнитудали яна силкинишлар кузатилиши мумкинлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Қўшма Штатларнинг шарқий соҳилларида зилзилалар нисбатан кам учрайдиган ҳодиса, ўтган йили Нью-Йорк штатида 3,8 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Бироқ, сўнгги силкинишлар 1983 йилда Нью-Йорк шимолидаги Ньюкомб шаҳрида 5,1 магнитудали зилзила содир бўлганидан бери минтақада содир бўлган энг кучли силкинишлар эди. Сўнгги ўн йилликларда АҚШнинг шарқий қирғоғида содир бўлган энг кучли зилзила 2011 йилда Виржинияда кузатилган силкинишлар бўлди - унинг магнитудаси 5,9 га етди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тайванда магнитудаси камида 7,2 ни ташкил этган зилзила юз берган. Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, табиий офат камида тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлган, 1000 га яқин аҳоли жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Нью-Йорк зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг