Нью-Йорк Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган ўзбекистонлик олим вафот этди

Жамият 5473
image

Ўсимликлар генетикаси ва селекцияси бўйича йирик мутахассис, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири Мирадҳам Фузаилович Абзалов 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ФА хабар бермоқда. 

Мирадҳам Абзалов 1941 йил 14 март куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 

58 йил давомида ўсимликлар генетикаси ва селекцияси йўналишида самарали меҳнат қилди. 1967-1990 йилларда Ўзбекистон Миллий университетида доцент, кафедра мудири лавозимларида ишлаган. 1990 йилдан Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида лаборатория мудири лавозимида ишлаб келаётганди. 

У 1991 йил Москвада Россия Фанлар академиясининг Н.И.Вавилов номидаги Умумий генетика институти ихтисослашган илмий кенгашида докторлик дессертациясини ёқлаган. 1993 йилда профессор, 1994 йилдан Нью-Йорк Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган. 

Мирадҳам Абзалов соя ўсимлигини Республиканинг озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ўрнини ва тупроқ унумдорлигини ошириш имконларини эътиборга олган ҳолда 1997 йилдан Институт илмий йўналишига соя ўсимлигини киритиб, унинг 130 дан ортиқ генофондини тўплаган. Ҳозирги кунда унинг 40 дан ортиқ генетик коллексия тизмаларини ажратган, морфобиологик ва хўжаликда аҳамиятли белгиларини генетикасини ўрганиш натижасида қисқа муддат ичида сояни икки навини “Генетик-1” 2009-йилдан ва “Сочилмас” 2015-йилдан туманлаштиришга эришди ва Давлат Реестрига киритган. 

У фаол олим сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий кенгаш аъзоси, катта илмий ходимлик мактабига кириш имтиҳони бўйича Ҳайъат раиси, ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтидаги ихтисослашган докторлик диссертацияларини ҳимоя қилувчи кенгаш аъзоси ва семинар раиси эди. 

QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 69
Рейтинг: 3.1
t
×