Нью-Йорк чўкяпти
Бу қизиқ
−
19 Май 2023
47587Янги тадқиқот натижаларига кўра, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри осмонўпар биноларининг оғирлигини кўтаролмай ҳар йили ўртача 1-2 миллиметрга чўкмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, шаҳарнинг аста-секинлик билан чўка бошлаши сув тошқинлари хавфини оширади. Унинг чўкиш жараёни глобал иқлим исиши ва музликларнинг эришига қўшилиб, денгиз сатҳи кўтарилиши тезлиги икки бараварга ортишига хизмат қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 1950 йилдан буён Нью-Йоркда денгиз сувининг сатҳи 22 сантиметрга кўтарилган. Ҳолат шундай давом этса, аср охирига бориб, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва иқлим ўзгариши ортидан келадиган кучли тўфонлар комбинацияси оқибатида сув тошқинлари ҳозиргига нисбатан 4 бараварга кўпайиши мумкин.
“Earth's Future” (“Ернинг келажаги”) журналида чоп этилган тадқиқот хулосасида шундай дейилади:
“8,4 миллионлик зич жойлашган аҳоли истиқомат қилувчи Нью-Йорк шаҳри сув тошқини туфайли турли даражадаги хавф-хатарларга дуч келмоқда”.
Журнал мақоласида қўшимча қилинишича, иқлим ўзгариши оқибатида Нью-Йорк билан содир бўладиган бу ҳолат вақт ўтгани сайин дунёнинг бошқа денгизбўйи шаҳарларида ҳам кузатилиши мумкин.
“Тектоник ва антропоген чўкиш, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва бўронлар интенсивлигининг уйғунлиги қирғоқ ва дарё бўйидаги ҳудудларда муаммонинг тезлашишини англатади”, деб ёзилади журналда.
Чўкиш тенденцияси шаҳар инфратузилмасининг катта қисмига таъсир қилаётгани айтилмоқда. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, машҳур бинолар Эмпайр-стейт-билдинг ва Крайслер-билдингнинг умумий оғирлиги қарийб 386 минг тоннага тенг. Шаҳардаги кўплаб бинолар қаттиқ тоғ жинслари устига қурилган бўлсада, у ерда қум ва гил аралашмаси ҳам мавжуд бўлиб, улар АҚШнинг шарқий ғирғоғидаги табиий чўкиш эффектини кучайтиради.
Маълумот учун, Нью-Йоркда 2012 йил Сенди тўфони катта талафотларни келтириб чиқарганди. 2021 йилги Ида тўфони эса шаҳарни сув босишига сабаб бўлиб, бир нечта одамни ҳаётдан олиб кетди. Олимларнинг айтишича, ҳар иккала ҳодиса ҳам глобал исиш таъсиридан келиб чиққан.