Мутахассис Ўзбекистонда кимлар коронавирусга қарши эмланмаслигини айтди

Жамият 9085
image
-

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш ишлари жорий йилнинг апрель ойи бошида бошланиши ҳақида хабар берган эдик.

Аҳолини эмлаш жараёни бошланиши арафасида Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланадиган ва эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида маълумот берилди.

Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасининг иммунопрофилактика бўлими мудири, врач эпидемиолог Вазира Муталова кимлар коронавирусга қарши эмланиши мумкин эмаслигини маълум қилди.

"Эмлаш жараёнида оилавий шифокор томонидан вакциналаш учун келган фуқаро, албатта, тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда авваламбор фуқаронинг соғлиғига: унда ҳароратнинг йўқлиги, қон босимининг нормал ҳолатда бўлишига эътибор берилади. Агар эмланувчида доривор воситаларга кучли аллергия кузатилган бўлса, у ҳолда вакциналашга тиббий чеклов берилади.

Шу билан бир қаторда, кўрик пайтида киши ҳарорати юқори бўлса, соматик ёки юқумли касаллик симптомлари юзага чиққан пайтда ҳам тиббий чеклов берилади", дейди Муталова.

Мутахассис ОИВ инфекциясига чалинган ва аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан, анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, 18 ёшгача бўлганларни, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни эмлаш тавсия этилмаслигини таъкидлаган.

Умуман олганда, эмлаш тадбирларини амалга ошириш пайтида ушбу вакцинани ишлаб чиқарган ташкилотнинг тавсияларига амал қилинади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эмлаш тўғрисидаги қарор тиббий кўрик натижасида қабул қилинади.

Мамлакатда биринчилардан бўлиб хавф ости гуруҳига кирувчи: 65 ёшдан ошган аҳоли вакиллари, тиббиёт ходимлари биринчи навбатда эмланади. Кейинги ўринда сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача таълим ва таълим муассасаси ходимлари, жамоат транспортида хизмат кўрсатувчи ходимлар ва журналистлар босқичма-босқич эмланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 418
Рейтинг: 2.9
t
×