Мустақил комиссия Полат Шамшетов ўлими юзасидан расмий баёнот берди

Жамият

image

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар иштирокчиси, Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов жорий йилнинг 4 февраль куни юрак ҳуружидан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 7 февраль куни эса Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил комиссия аъзолари ҳамда Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили марҳум Полат Шамшетовнинг ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасида бўлиб, марҳумнинг ўлими юзасидан расмий баёнот берди

Унга кўра, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 

“Олинган дастлабки маълумотларга кўра, марҳум Полат Шамшетов ўпка артерияси тромбоемболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Ўрганиш ишлари давом этмоқда”, дейилади Комиссиянинг баёнотида.

Қайд этилишича, Мустақил комиссия аъзолари 6-минтақавий мувофиқлаштирувчи марказ бошлиғи подполковник Ш.Раджабов, ҳибсхона бошлиғи подполковник У.Асадов ва ҳибсхона тиббиёт бўлими бошлиғи майор Н.Пўлатов, шунингдек, марҳум Полат Шамшетов вафот этган куни ҳибсхонада навбатчиликда бўлган тиббиёт бўлими фелдшери – катта сержант Д.Темиров ҳамда тартибот ва қўриқлаш бўлими корпус катта сафдори Р.Жумаев билан ҳолат юзасидан суҳбатлашган.

Шунингдек, қайд этиш ҳужжатлари ҳамда ҳибсхонада сақланаётган шахслар ва хизмат олиб бораётган ходимлар ҳаракатини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган видеокузатув камералари ёзувларини ўрганган.

“Комиссия аъзолари марҳум Полат Шамшетов билан ҳибсхонанинг камерасида бирга сақланган шахслар С.Ш. ва М.Б. билан ҳолат юзасидан алоҳида суҳбатлашди. Улар марҳум Полат Шамшетовга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқлар ўтказилмагани, бу ҳақда марҳумнинг ўзи ҳам бирор марта шикоят қилмаганини қайд этишди”, дейилган расмий баёнотда.

Қолаверса, Мустақил комиссия марҳум Полат Шамшетов вафот этгач, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, марҳум Полат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошлари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нукус тартибсизлик Полат Шамшетов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг