“Муштумзўр”ларга сигнал: мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Жамият
−
25 Декабрь 2019
4265Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун лойиҳаси жорий йилнинг 23 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилди.
Қонун лойиҳасида мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган бир қатор нормалар кўзда тутилган.
Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг янги 61-3-модда билан тўлдириш режалаштирилган. Унга кўра ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташланса ҳам жавобгарлик қатъийлаштирилган. Фақат бунинг оқибатида кўп бўлмаган миқдорда зарар етишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилмоқда.
Агар ер участкаларини ноқонуний олиб қўйилса ва бу ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса жиноий жавобгарлик келиб чиқиши белгиланмоқда. Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилаётган янги 173-1-моддада айнан шу ҳақда.
Модда санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, моддада ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтларни ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлган ҳолларда оғирроқ жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Жавобгарлик санаб ўтилган ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки мулкдорга анча миқдорда зарар етказилган тақдирда келиб чиқади.
LiveБарчаси