Мухторхон Тошхўжаев орден билан тақдирланди
Спорт
−
27 Ноябрь 2023
6067Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси раҳбари Мухторхон Тошхўжаев Осиё Паралимпия қўмитасининг фахрий ордени билан, пара спортчи Асила Мирзаёрова эса қитъанинг “Энг яхши аёл пара атлети” соврини билан тақдирланди. Ўзбекистон вакилларига мукофотлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган Осиё Паралимпия қўмитасининг якунига етиб бораётган жорий 2023 йил сарҳисоби бўйича энг муносибларни тақдирлаш маросимида топширилди. Бу ҳақда Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташхўжаевнинг юртимизда ва Осиё қитъасида Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришда қўшаётган хизматлари муносиб баҳоланди ва ташкилотнинг Осиё ордени билан тақдирланди”, дейилади манба хабарида.
Шунингдек, Асила Мирзаёровага қитъада тенгсиз спортчи деб топилган.
“Яна бир аҳамиятли жиҳати, пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони, Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинлари ғолиби Асила Мирзаёрова эса қитъанинг “Энг яхши аёл пара атлети”деган шарафли номга сазовор бўлди”, дейилади Паралимпия қўмитаси хабарида.
Маълумот учун, Мирзаёрова шу йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Пара Осиё ўйинларида ҳам ғолиб чиққанди.