Президент Пара Осиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини табриклади

Спорт

−

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япониянинг Айчи–Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган V ёзги Пара Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегациясини тарихий натижа билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Мард ва жасур фарзандларимиз Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 2 минг 600 нафардан зиёд кучли пара спортчи иштирок этган ушбу нуфузли мусобақаларда чинакам жасорат ва матонат кўрсатиб, мамлакатимиз спорти тарихида яна бир шонли саҳифа очганлари барчамизга чексиз ғурур бағишлайди. Сизлар қизғин ва муросасиз руҳда кечган беллашувларда 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганингиз юксак таҳсинга муносибдир”, дейди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, мамлакатдаги миллионлаб мухлисларингиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борган.

“Бутун Ўзбекистон халқи Яратгандан омад ва зафарлар тилаб, сизларни чин дилдан қўллаб-қувватлади. Айниқса, сизлар улкан азму шижоатингиз билан спорти жадал ривожланаётган Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Таиланд, Индонезия каби давлатлар жамоаларини ортда қолдириб, Хитой Халқ Республикаси ва Япониядан кейин учинчи ўринни забт этганингиз – чинакам қаҳрамонликдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари табригида ўзбекистонлик пара спортчиларнинг мусобақаларда кўрсатган жасорати, матонати ва юксак маҳорати алоҳида эътироф этилди.

“Сизлар Пара Осиё ўйинларида нафақат чемпионлик мақомини, балки бутун халқимизнинг ишончини, Ватанимиз шаъни ва ғурурини муносиб ҳимоя қилдингиз. Ўзбекистон спорт делегатсияси қўлга киритган олтин медалларнинг тенг ярми қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардим. Шиддатли баҳсларда юртдошларимиз жаҳон ва Осиё рекордларини янгилаб, ўзбек пара спортининг имкониятлари чексиз эканини яна бир бор исботладилар”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева делегатсия ҳисобига олтин медал тақдим этиш билан бирга жаҳон рекордини ўрнатди. Мадина Мухторова, Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова диск улоқтиришда, Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда, Егор Болотов 100 метрга чалқанча сузиш ва 200 метрга комплекс сузиш дастурларида, делегатсия таркибидаги энг ёш спортчиларимиздан 16 ёшли Лолахон Қодирова 50 метрга эркин усулда сузишда Осиё рекордини қайд этди.

Бундан ташқари, пара велоспорт, пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика спорт турлари бўйича ҳам 16 нафар спортчи Пара Осиё ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Дмитрий Хорлин тўртинчи бор, Бобиржон Омонов, Ҳусниддин Норбеков, Қудратиллохон Маъруфхўжаев, Фахриддин Ҳамроев учинчи бор Параосиё ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Асила Мирзаёрова, Шаҳина Йигиталиева, Гулжоной Наимова, Рўза Қўзиева иккинчи маротаба қитъада тенгсиз эканини амалда тасдиқлади. Шунингдек, Мадина Мухторова, Наврўза Аҳмадова, Мубинабону Халилова рақибларига ҳеч бир имконият қолдирмасдан, икки карра, Хуршид Қодиров эса уч карра олтин медал соҳибига айланди.

Пара Осиё ўйинларида биринчи марта иштирок этган Егор Болотов пара сузиш дастурларида 4 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди. Пара велоспорт бўйича жаҳон биринчилигида Ўзбекистонга илк тарихий олтин медални олиб келган делегатсия байроқдори Маржона Пардабоева Параосиё беллашувларида ҳам етакчиликни сақлаб қолди ва икки карра Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

Делегациянинг 15 яшар аъзоси Бобурбек Тоштемиров пара велоспортнинг трек баҳсларида Ўзбекистоннинг Параосиё ўйинларидаги биринчи олтин медалини қўлга киритиш билан бирга энг ёш чемпион сифатида ҳам тарихга кирди.

Призидент Айчи–Нагоя майдонларидаги ёрқин натижалар билан Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракати юқори босқичга кўтарилганини таъкидлади.

“Буларнинг барчаси – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз, қолаверса, юртимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тизимли ишларимиз натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай довюрак ва паҳлавон фарзандларни тарбиялаган, эзгу интилишларингизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналарингиз, моҳир ва жонкуяр мураббийларингизга чин юракдан миннатдорлик изҳор этаман”, дейди давлат раҳбари.

Президент Японияда эришилган натижалар ва тўпланган тажриба 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди. Шунингдек, спортчилар мазкур нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик билан боришларига умид билдириб, уларнинг келгуси фаолияти янада ёрқин зафарларга бой бўлишини тилади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегацияси V ёзги Пара Осиё ўйинларида 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этди ва 145 медални қўлга киритди. Таққослаш учун, ўзбекистонлик спортчилар 2023 йилда Ханчжоуда ўтказилган Пара Осиё ўйинларида 79 та медаль – 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза медалини қўлга киритган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг