Муҳими биринчи вакцина эмас, унинг Америка учун ишончли бўлиши – АҚШ Соғлиқни сақлаш вазири
Олам
−
12 Август 2020
8132Аввалроқ, Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина рўйхатдан ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. АҚШ Соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар Россия томонидан тайёрланган вакцинага ўз муносабатини билдирди. “Муҳим бўлган нарса “илк вакцина”ни ўйлаб топиш эмас. Муҳими, бу вакцинанинг Америка халқи ва дунё учун фойдали ва ишончли бўлишидир”, дейди Азар. Унинг қайд этишича, FDA олтин стандартидаги миллионлаб вакциналар 2021 йилгача тайёр бўлишини айтди.
Азар шаффоф маълумотларга эҳтиёж борлигини ва бу маълумотларни эмлашнинг хавфсиз ва самарали эканлигини кўрсатадиган учинчи босқич синовларидан олиш кераклигини маълум қилди. “Шу сабабдан президент Трамп тарихий Warp Speed операцияларини ишлаб чиқмоқда”, дейди вазир.
Россиядаги коронавирусга қарши илк вакцина “Спутник V” деб номланган. Вакцинага навбатда турган давлатлар қаторида Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари бор.Россияга 20 давлатдан коронавирус вакцинасига 1 млрд доза учун буюртма тушган.
“Спутник V” вакцинасининг клиник синови июнь ойида Сеченов университети ва Бурденко номидаги ҳарбий госпиталда бошланганди. Уларнинг ҳар бирида 38 нафардан кўнгилли қатнашди. Синовнинг учинчи босқичида РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2 минг кўнгилли қатнашади.
Учинчи босқичда вакцина БАА, Саудия Арабистони ва бошқа қатор давлатларда ҳам синовдан ўтказилади.
“Менинг қизларимдан бири шу вакцинага эмланди. У синовда иштирок этди”, деди Путин ҳукумат йиғилишида.
Президентнинг сўзларига кўра, вакцина юборилган куни қизида ҳарорат 38 даражага кўтарилган. Кейинги кун эса 37 даражадан юқорироқ бўлган. Шу билан иситма ўтиб кетган.