МСК Надеждин учун тўпланган имзоларнинг 15 фоизини рад этди
Олам
−
05 Февраль
4110Марказий сайлов комиссияси Борис Надеждинни президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун тақдим этилган имзоларнинг 15 фоизини рад этди. Бу ҳақда Борис Надеждиннинг ўзи Telegram-каналида маълум қилди.
Номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун тасдиқланган имзоларда камчиликлар 5 фоиздан кўп бўлмаслиги керак.
“Комиссия мажлиси тугади, ҳужжатлар олиб кетилди. 15,348 фоиз нуқсонли, олдинда икки уйқусиз тун”, деб ёзди Надеждин вакили Игорь Артемьев Telegram'даги каналида.
Борис Надеждин имзоларни "ўчириб ташламоқчи" эканини айтган.
“Биз ҳақиқий эмас деб топилган 9209 та имзодан атиги 4500 тасини олиб ташлашимиз керак”, дейди у.
Агар Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олишдан бош тортса, Надеждин бу қарор устидан Олий судга шикоят қилади.
“7×7” нашри Надеждин штабидаги манбага таяниб, Марказий сайлов комиссияси 2500 дан ортиқ имзони сайловчиларнинг ўзлари киритмагани сабабли имзоларни ҳақиқий эмас деб топганини хабар қилди.
Надеждиннинг Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида рўйхатга олиниши ҳақидаги расмий қарорни Марказий сайлов комиссияси 7 февраль куни эълон қилади.
Маълумот учун, Россияда президентлик сайлови 2024 йил 17 март куни бўлиб ўтади. Овоз бериш уч кун – 15, 16 ва 17 март кунлари давом этади. Айни пайтда давлат раҳбари лавозимига 11 киши даъвогарлик қилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси аввалроқ президентликка учта номзод – Леонид Слуцкий, Николай Харитонов ва Владислав Даванковни рўйхатга олган эди. Улар парламентдаги партияларнинг вакиллари бўлгани учун сайловда номзод сифатида рўйхатдан ўтишига имзо тўплаш ҳожати йўқ.
Жорий йилнинг 29 январь куни Россия Марказий сайлов комиссияси (МСК) Владимир Путинни жам президентликка номзод сифатида киритди.
Парламентга кирмаган сиёсий партиялардан номзодлар – Сергей Малинкович, Борис Надеждин, Андрей Богданов, Сергей Бабурин, Ирина Свиридова 31 январга қадар камида 100 минг имзо тўплаши керак эди.
LiveБарчаси