МРБ жаҳон урушидан огоҳлантирди. Янги урушга нима сабаб бўлади?
Олам
−
25 Октябрь 2021
34690Яқин ўн йилликларда дунёда иқлим ўзгариши оқибатида глобал ҳарбий можаро юз бериши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоботида сўз боради.
“Иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган жисмоний таъсири трансчегаравий геосиёсий иссиқ нуқталарни мураккаблаштириши мумкин. Негаки давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўради”, дейилади ҳисоботда.
Муаллифларга кўра, кўпи билан 2040 йилга бориб дунёда “иқлимий тўқнашувлар” бошланади. Бунда томонлар бир-бирига қарши қурғоқчилик ва сув тошқини каби табиий офатларни кучайтаридиган технологиялардан фойдаланади.
Мутахассислар, шунингдек, глобал исишнинг олдини олиш учун иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришни назарда тутувчи Париж иқлим келишуви ижроси борасидаги баҳслар туфайли мамлакатлар ўртасида зиддият кучайиши ҳақида огоҳлантирган.
“Аксарият мамлакатлар қийин иқтисодий танловларга дуч келишади ва кейинчалик чиқиндиларни тезда қисқартириш учун технологик ютуқларга таяниши мумкин. Хитой ва Ҳиндистон ҳароратнинг ошиши траекториясини аниқлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди”, дейилади ҳисоботда.
Бундан ташқари, маъруза муаллифлари иқлим ўзгариши оқибатида ривожланаётган мамлакатларда ички низолар хавфи борлигини кўрсатган, чунки бу давлатларнинг янги шароитларга мослашиши учун имконият кам.
Иқлим урушининг потенциал иссиқ нуқталарига Конго, Ҳинд, Меконг ва Нил дарё ҳавзалари каби минтақалар киради. У ерда низолар дарё каналларининг ўзгариши ва сув оқимларининг қайта йўналтирилиши туфайли юзага келиши мумкин.
Ҳисоботда глобал иқлим ўзгариши энг кўп 11 давлатга салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу давлатлар омон қолиш учун фавқулодда чора кўриши мумкин. Гап, хусусан, ядро қуролига эга бўлган Хитой, Ҳиндистон ва Покистон, шунингдек, Афғонистон, Шимолий Корея, Мянма ҳамда Марказий ва Жанубий Американинг бир қатор давлатлари ҳақида бормоқда.
LiveБарчаси