Москвада озарбайжонлик “қонундаги ўғри” ушланди (видео)
Олам
−
04 Июль 2025 13413 1 дақиқа
Москвада озарбайжонлик “қонундаги ўғри” Вақиф Сулаймонов (жиноят оламида Вақиф Бакинский номи билан танилган) ҳибсга олинди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Унинг ҳибсга олиниши Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда юз берди. Тармоқларда Сулаймонов ҳибсга олинаётган вақтдаги видео ҳам эълон қилинди.
“Коммерсантъ” нашрининг ёзишича, у Россияда яшаш қоидаларини бузганликда айбланмоқда. Сулаймонов Москвадаги миграция марказига жойлаштирилган ва уч ойдан кейин Озарбайжонга депортация қилинади.
Сулаймонов Москвадаги Food City бозори билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этган. 2006 йилда гашиш сақлаганлик учун ҳибсга олинган ва 2013 йилда 18 миллион рубль талаб қилганликда гумон қилиниб, яна ҳибсга олинган.
Россия ва Озарбайжон муносабатлари
Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг жиддийлашуви Екатеринбургдаги ўтмишдаги жиноятлар бўйича тергов доирасида бир қанча озарбайжонлар ҳибсга олинганидан сўнг бошланган. Улардан икки нафари вафот этган. Шундан сўнг Озарбайжонда “Sputnik Озарбайжон” ахборот агентлиги офисида тинтув ўтказилиб, Россия учун жосуслик қилишда гумонланган икки киши ҳибсга олинган. Шунингдек, Озарбайжонда саккиз нафар Россия фуқароси наркотик транзити бўйича айбланиб, ҳибсга олинган.