Молдова Президенти ваколатидан маҳрум қилинди
Олам
−
09 Июнь 2019
3913Молдова Президенти Игорь Додон Конституциявий суднинг давлат раҳбари ваколатини Бош вазир вазифасини бажарувчи Павел Филипга вақтинча ўтказиш тўғрисидаги қарорини ҳокимиятнинг узурпация (бошқаларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини куч билан эгаллаб олиш) қилиниши деб атади.
“Демократик партия ҳокимиятни қонуний парламент кўпчилиги ва қонуний ҳукуматга тинч йўл билан беришни истамаяпти”, деди Президент.
Додон қонуний парламент ҳамда ҳукумат Ғарб ва Шарқдаги шериклар томонидан ҳам, кўпчилик фуқаролар томонидан ҳам тан олинганини қўшимча қилган. Шу билан бирга, Молдова раҳбари аҳолини тинчликни сақлаш ва ташвиқотларга алданмасликка чақирган. У халқаро ҳамжамиятдан ҳокимиятнинг тинч йўл билан кўчишида воситачи бўлишини сўрашини қайд этган. Бундан ташқари, Президент Молдова халқини тинч норозилик намойишлари уюштиришга чақириши мумкинлигини ҳам инкор қилмаган.
Молдова Конституциявий суди парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайловлар вақтини белгилаш учун бугун, 9 июнь куни Президент ваколатини вақтинча Бош вазир в.б.га ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди.
Молдова парламенти жорий йил февралдаги сайловдан кейин ҳукмрон коалиция ва ҳукуматни шакллантира олмади. Аммо кеча, 8 июнь куни парламент тарқатилиб юбориш хавфини бартараф қилди. Президент Игорь Додонни қўллаб-қувватловчи социалистлар Acum блоки билан аввалги парламент ва ҳукуматга етакчилик қилган Молдова Демократик партиясининг (МДП) қаршилик кўрсатишга келишиб олди. Социалистлар етакчиси Зинаида Гречаний парламент спикери бўлди ва Майя Санду раҳбарлигида ҳукумат шакллантирилди. Шундан сўнг МДП ҳукумат вазирликларга киришни блоклаб қўйди. Ҳозирда Молдовада сиёсий вазият кескинлашган ва инқироз ёқасида турибди.