Модрич: “Евро-2020 ни Англияга қарши бошлаш — энг ёмон вариант”

Спорт 1413
image

“Реал Мадрид” ҳамда Хорватия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Лука Модрич Евро-2020 олдидан чемпионат ҳақида сўз юритди. У турнирни Англия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлашни “энг ёмон вариант” деб атади.

“Ҳар доим позитив кайфиятдаман. Хорватия кейинги босқичга чиқа олади, деб ўйлайман. Аммо бу сафар бизда жуда қийин гуруҳ бор. Биринчи ўйинни “Уэмбли”да Англияга қарши ўтказишимиз кўп нарсадан далолат беради. 

Бу — биз учун ҳақиқий финал. Чунки мусобақани мағлубият билан бошласангиз, иккинчи ўйин олдидан қийин вазиятга тушиб қолишингиз мумкин. Англиянинг кучи эса ҳаммамизга аён. Шу сабаб Евро-2020 ни Англияга қарши ўйин билан бошлаш — энг ёмон вариант. Аммо начора, ўйинимизни кўрсата олсак, ғалаба қозонишимизга аминман. 

Турнирда яққол фаворитни кўрмаяпман, шунинг учун Хорватия ҳам даъвогарлар қаторида эканини истисно қилмайман. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз, ишончим комилки, Россияда ўтган Жаҳон чемпионати сингари Евро-2020 ҳам биз учун омадли келади”, дея Модричнинг сўзларини келтиради “Daily Mail” нашри. 

Маълумот учун, Хорватия гуруҳ босқичини 13 июнь куни Англия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. Сўнгра Чехия (18 июнь) ҳамда Шотландия (22 июнь) билан баҳс олиб боради.

Абдулла Маннонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3
t
×