Моди парламент сайловларида ҳукмрон партия ғалаба қозонганини маълум қилди
Олам
−
02 Июнь
4424Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди экзит-полл натижалари эълон қилинганидан сўнг, унинг "Бҳаратия Жаната" партияси (БЖП) парламент сайловларида ишончли ғалаба қозонганини айтди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида ёзди.
“Ишонч билан айта оламанки, Ҳиндистон халқи рекорд фаоллик кўрсатиб, БЖП ҳукуматини ҳокимиятда қолдириш учун овоз берди”, дейди Бош вазир.
Нарендра Модининг сўзларига кўра, INDIA мухолифат альянси “Ҳиндистон сайловчилари қалбига йўл топа олмаган".
NDTV томонидан тақдим этилган сўров маълумотларига кўра, "Бҳаратия Жаната" партияси 543 ўринга эга бўлган парламент қуйи палатасида 350 дан ортиқ ўринни қўлга киритади. INDIA альянси, экзит-полл натижаларига кўра, 120 дан бироз кўпроқ ўрин олиши мумкин.
Якуний натижалар 4 июнь куни эълон қилинади.
Ҳиндистонда парламент сайловлари 19 апрель куни бошланган. Улар 1 июнь куни якунига етди. Шундай қилиб, овоз бериш 44 кун давом этди. Бу Ҳиндистонда 1947 йилдан бери энг узун сайловлардан бири. Мамлакат тарихидаги фақат биринчи сайловлар бундан узоқроқ давом этган – 1951 йил октябрдан 1952 йил февралигача.
LiveБарчаси