“Ноқонуний қурилган бўлса, бузиш керак”. “Askiya City” масаласи Адлия вазиригача олиб чиқилди
Интервью
−
11 Февраль 2022
18856Хабарингиз бор, 2021 йилинг 17 февраль куни QALAMPIR.UZ сайтида “INSOFT INVEST” МЧЖнинг инсофи борми? Аҳоли ноқонуний қурилишдан норози” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Жамшид Шоший кўчасида ҳеч қандай рухсатсиз, тасдиқланмаган лойиҳа асосида “Askiya City” номини олган кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилгани, ушбу қурилиш “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан амалга оширилгани ҳақида сўз борганди.
Ўтган йилнинг 25 февраль куни Тошкент туманлараро Иқтисодий судида судья Дилбар Хайруллаева раислигида ноқонуний қурилиш юзасидан иш кўрилиши бошланиб, 2021 йил 6 апрель куни суд томонидан ҳал қилув қарори эълон қилинди. Қарорда “INSOFT INVEST” МЧЖ ва “GRAND HOUSE” МЧЖ томонидан қурилган “Askiya City” турар жой мажмуасини компания ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган.
Адлия вазири Русланбек Давлетов билан учрашувда (7.02.2022 й.) “Askiya City” турар жой мажмуаси ноқонуний қурилганини тасдиқловчи суд қарори бўлса-да, уни бузиш 10 ойдан буён пайсалга солиб келинаётгани айтилди. МИБ эса МЧЖ директори "ҳа" деганда ўзгараётгани учун маъмурий жавобгарликка тортавериб, давлат ғазнасини бойитмоқда. Бу ҳолатда фуқаролар бошини қайси деворга урсин? QALAMPIR.UZ бу борада Адлия вазири Русланбек Давлетов фикри билан қизиқди.
“Айтиб қўйишим керак, сиз айтган ҳолат билан таниш эмасман. Лекин, бино ноқонуний қурилгани ҳақида суд қарори бўлса, демак бузилиши керак. Бу факт сифатида тавсифлаб берилганидан кейин ижро масаласи мажбурий ижро бюросида қолади. Кўп ҳолатларда мана шунақа ҳуқуқий бўшлиқларни қўллаб, жавобгарликдан қочиш ҳолати ҳам бўлиши мумкин. Суд қарорида ўзини ҳисобидан дейилган бўлишига қарамай, керак бўлса давлат ҳисобидан бузиб, бўйнига қўйиб қўйиш ҳам керак”, дейди Давлетов.
Вазир сўзида давом этаркан кўпчилик айрим бўшлиқлардан фойдаланиб, ўз вазифасини бажармаётгани, ноқонуний қурилиш қилинган ва бу суд томонидан тасдиқланган бўлса, ҳар қанча пул кетишига қарамай, бузиш кераклигини таъкидлади.
“Адлия вазирлигига ҳам МИБ йўналишида кўплаб мурожаатлар келади. Лекин, МИБ алоҳида ташкилот ва Бош прокуратура қошида.
Бу ҳолатда юридик шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик қўллаш масаласини кўриб чиқишга тўғри келади. Керак бўлса бинони давлат ҳисобидан бузиб, харажатини МЧЖдан ундирадиган йўлларини қилиш керак.
Суд томонидан ноқонуний қурилиш бўлгани аниқланган бўлса, мен ҳам бу биноларнинг бузилиши тарафдориман. Жуда катта пул миллиард, триллион кетсин, аммо адолат пул билан ўлчанмайди. Қурилган кўп қаватли бинодан одамлар уй олишга ҳам улгургандир. Лекин ҳаммаси ноқонуний. Айрим одамлар жамиятда бошқа муаммолар ёки ноҳақликлар ҳам бор ва бу ҳолатга ҳам жим қолайлик дейишлари мумкин. Лекин бу мутлақ нотўғри. Айрим жойларда адолатсизлик бўлиши мумкин, лекин бу кечириш кўз юмиш дегани эмас. Бизда ҳамма соҳада муаммо бор, лекин биз ўша масала бўйича нуқтани қўйишимиз керак”, дейди Адлия вазири.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь