Миср безгакдан холи давлатлар қаторига қўшилди
Олам
−
22 Октябрь
1414Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Мисрни безгакдан холи давлат сифатида сертификатлади. Ташкилот олинган сертификат давлатнинг деярли 100 йиллик соғлиқни сақлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари учун муҳим ютуқ бўлганини қайд этди. Бу ҳақда ЖССТ веб-сайтида эълон қилинди.
“Мисрнинг безгакдан холи давлат сифатида сертификатланиши ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа бўлиб, Миср халқи ва ҳукуматининг ушбу қадимий офатдан қутулишга содиқлигининг исботидир”, дея ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисуснинг сўзларини келтирди ташкилот матбуот хизмати.
Қайд этилишича, безгакни енгганлик тўғрисидаги сертификат ЖССТ томонидан мамлакатда уч йил давомида безгак чивинлари орқали инфекция узатилиш занжири узилган тақдирда берилади. Миср Бирлашган Араб Амирликлари ва Марокашдан кейин Шарқий Ўртаер денгизи минтақасида ушбу сертификатни олган учинчи давлат бўлди.
Маълумотларга кўра, безгак Мисрда милоддан аввалги 4000 йилда аниқланган. Ушбу касалликнинг генетик далиллари мумиёлар, шу жумладан, Тутанхамон мумиёсини ўрганиш жараёнида топилган. Инсонларнинг чивинлар билан алоқасини камайтиришга бўлган дастлабки уринишлар 1920 йилларда амалга оширилган бўлиб, ўша вақтда мамлакатда уйлар яқинида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга тақиқ қўйилган эди (ўша пайтда аҳоли кўпроқ Нил бўйлаб яшаган). 1930 йилларда мамлакатда безгакни назорат қилиш ва даволаш учун биринчи станция очилган. Шундан бери мамлакат бу касалликка қарши курашиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иордания моховни енгган дунёдаги биринчи давлатга айланган эди. 20 йилдан ортиқ вақт давомида Иорданияда мохов билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмаган.