Иордания моховни енгган дунёдаги биринчи давлатга айланди
Саломатлик
−
20 Сентябрь
10916Иордания моховни енгган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Қайд этилишича, 20 йилдан ортиқ вақт давомида Иорданияда мохов билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмаган. ЖССТ тайинлаган мустақил ҳайъат баҳолаш ўтказган ва ташкилотга Иорданияда мохов йўқ қилинганлиги ҳақида хабар берган. Бу эса касалликни бартараф этиш учун йўлга қўйилган самарали соғлиқни сақлаш стратегияларининг натижаси сифатида кўрилади.
“Дунёда ушбу мақсадга эришган биринчи давлат сифатида Иордания бошқа мамлакатлар учун илҳом манбаи бўлиб, уларни ушбу ажойиб муваффақиятга эришиш учун саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ва тўсиқларни енгиб ўтишга ундайди”, деди ЖССТнинг Шарқий Ўртаер денгизи минтақаси бўйича директори Ханан Балхи.
Бироқ ЖССТ келажакда юзага келиши мумкин бўлган, шу жумладан четдан кириб келувчи ҳолатларни аниқлаш ва даволаш учун мустаҳкам кузатув тизимларини сақлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Хансен касаллиги деб ҳам аталадиган мохов сурункали юқумли касаллик ҳисобланади. Ҳозирда у 120 дан ортиқ мамлакатларда учрайди. Ҳар йили 200 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилади. Касаллик терига, периферик нервларга, юқори нафас йўлларининг шиллиқ пардасига ҳамда кўзларга зарар етказади. Унга вақтида ташхис қўйилмаса ва даволанмаса ногиронликка ҳам олиб бориши мумкин.