Мирзиёев Жапаров билан ҳам телефон орқали гаплашди
Жамият
−
18 Март
2207Бугун, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, етакчилар яқинлашиб келаётган баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилаган.
Олий даражадаги келишувларни, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Транспорт-транзит ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги уч томонлама учрашувга, шунингдек, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Марказий Осиё - ЕИ” саммити ва Иқлим форумига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталишган.
Қайд этиш жоиз, бугун, 18 март куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган эди.
Маълумот учун, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
LiveБарчаси