Мирзиёев Европа дипломатияси раҳбарини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 март куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Билдирилишича, суҳбат давомида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлат раҳбарига Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Жорий йил 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммити тадбирларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун, 27 март куни Ашхобод шаҳрида ўтган вазирлар даражасидаги кўп томонлама учрашувнинг самарали якунлари ҳам юксак баҳоланди.

“Савдо ва логистика, шу жумладан Транскаспий транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамлаштириш, "яшил" энергетика, экология, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишларда икки минтақа ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни илгари суриш, ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали механизмларини жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг EИ институтлари билан муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилиш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масалалари муҳокама қилинган. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Маълумот учун,  3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Европа Ўзбекистон Кая Каллас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг