Мирзиёев “Яшил макон” лойиҳасига эътиборсизлик қилган раҳбарларни танқид қилди

Жамият

image

Бугун, 11 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида ўтаётган видеоселекторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган раҳбарларни танқид қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта дастур қабул қилинган. Бунинг учун ҳар бир вилоят баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчатлари экиши ва барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиш зарур эди. Лекин айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Масалан, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган. Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган.

Давлат раҳбари ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда  ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлишини таъкидлаган. Барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига  маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш топширилган.

Шунингдек, тегишли ҳудудлар раҳбарларига қаровсиз қолган 10 миллион туп дарахт ўрнига яна шунча дарахт кўчатини сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларга экиш топширилган. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 15 августга қадар дарахт кўчатлари захирасини яратиб, уларни экиш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлаши белгиланган.

Айтилишича, бундан буён кўчат экиш тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган инвестиция дастури асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу мақсадлар учун ҳар йили аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп – 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш йўлга қўйилиши қайд этилган. Бу орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳар бир кўчатни кафолатли сотиб олиш тизими яратилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2 миллиондан ортиқ экилмаган кўчат ҳисоботга қўшиб ёзилганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Навоийда 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғонада 465 минг ва Қашқадарё вилоятида 227 минг туп кўчатни қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро Яшил макон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг