Мирзиёев яна икки нафар Паралимпиада чемпионларини телефон орқали табриклади (видео)
Спорт
−
07 Сентябрь
5934Францияда давом этаётган Париж ёзги Паралимпиадаси ҳам охирлаб қолди. Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилги Паралимпиада ўйинларида чемпионликни қўлга киритган икки нафар пара спортчи – Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдошевни телефон орқали ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Тинимсиз кузатиб бораман фаолиятингни. Олимпия шаҳарчамизда қурилишни бошлаганимизда “Паралимпиададан олтин билан келаман”, деган ёқимли сўзларинг эсимда. Бу нимадан далолат? Тинимсиз ҳаракат, иродали интилишларинг билан тобора ўсиб бораяпсан. Берган ваъдангни ортиғи билан бажардинг”, дея Давлат раҳбари бир йўла жаҳон рекордини ўрнатган ва уни яна янгилаган Нурхон Қурбоновани табриклади.
Президент, шунингдек, пара енгил атлетикачи Толиббой Йўлдошевни ҳам қутлади.
“Бир неча кун олдин ядро улоқтириш бўйича бронза медалини олган эдинг. Икки спорт тури бўйича иккита юксак натижа – бу чинакам жасорат. Бу ютуқлар машаққатли меҳнатларинг, тинимсиз машқларинг, тўплаган бой маҳоратинг мевасидир”, деган Мирзиёев.
Маълумот учун, Нурхон Қурбонова 2 сентябрь куни F54 классида ядро улоқтириш баҳсларида 7,75 метр натижа қайд этиб, бронза медалга сазовор бўлди. Бугун эса ушбу классда найза улоқтириш бўйича 21,12 метр натижа қайд этган ҳолда жаҳон рекордини янгилади ва Паралимпиада чемпионига айланди. Толиббой Йўлдошев эса кеча, 6 сентябрь куни пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида F37 классида диск улоқтириш дастурида Паралимпиада чемпиони бўлди. Бундан олдин, яъни 31 август куни 15,24 метр натижа қайд этган Йўлдошев бронза медалга сазовор бўлганди.
Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар ҳозирча 26 та – 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронзага етди. Умумжамоа ҳисобда 11-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпиада ўйинларида ядро улоқтириш баҳсларида олтин медални қўлга киритган спортчи Бобур Омонов билан телефон орқали мулоқот қилганди.
LiveБарчаси