Мирзиёев вазирликлар учун ҳаёт-мамот масаласига тўхталди

Жамият

image

Давлат бюджетидан катта маблағ олувчи вазирликларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарур. Бу ҳақда бугун, 20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Видеоселекторда Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликлари, карантин ва ветеринария идораларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани танқид қилинган.

Шунингдек, “Рақамли соғлиқни сақлаш” лойиҳасини амалга ошириш, Онкологик беморларнинг электрон реестрини тузиш, дала ва боғларда пестицидлар cавдоси ва қўлланилиши бўйича рақамли назорат тизимини жорий қилиш, газ ва бензин қуйиш шохобчаларида, Жамоат ишлари ва Бандлик жамғармалари харажатлари бўйича онлайн назоратни йўлга қўйишдаги оқсоқликлар кўрсатиб ўтилган. 

Бундан ташқари, Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида ҳужжатларга апостиль қўйиш жараёнини рақамлаштириш зарурлиги қайд этилган. 

Шу билан бирга, Геология, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида ягона электрон ҳужжат айланиш тизими ишга тушмаганига эътибор қаратилган. Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган “Халқ назорати” тизимини янада такомиллаштириш кераклиги таъкидланган.

Барча вазирлик, қўмита ва ҳудуд раҳбарлари жиддий хулоса қилиб, оқсаётган лойиҳаларни якунлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг