Мирзиёев ва Путин бир-бирларини “Ғалабанинг 76 йиллиги” билан табриклади

Жамият 3520
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари “фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан” бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилакларини изҳор қилган.

“Елкама-елка туриб бирга қаҳрамонона жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларимизнинг буюк жасорати миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган. Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича биргаликда қўшимча чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Мулоқотда Президентлар халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган.

Шунингдек, бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган. Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашни фаол давом эттиришга келишиб олинган.

Кремль хабарига кўра, суҳбатда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга, шу жумладан, Ўзбекистонда ваксина ишлаб чиқаришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни, шу жумладан, тожик-қирғиз чегарасидаги сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, Президентлар можарони сиёсий ва дипломатик воситалар билан ҳал қилиш бўйича Душанбе ва Бишкек ўртасидаги келишувларни олқишлаган.

Улар вазиятни янада барқарорлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқлаган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 2.8
t
×