Мирзиёев ва Путин бир-бирини Янги йил билан табриклади

Жамият 1944
image

Бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, икки мамлакат раҳбарлари бир-бирларини дилдан қутлаб, кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан самимий табриклар алмашган, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этган.

Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ мураккаб шароитда давлатлар пандемияга қарши курашиш, жаҳон иқтисодий ва эпидемиологик инқирози оқибатларини енгиб ўтишда бир-бирига ҳар томонлама ёрдамлашгани ва амалий кўмак кўрсатгани катта мамнуният билан қайд этилган. Хабарга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Россия вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича кооперация имкониятлари фаол ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, юзага келган вазият ва қийинчиликларга қарамай, барча даражалардаги фаол алмашинувлар давом эттирилган. Икки томонлама савдо кўрсаткичлари сезиларли ўсишига эришилди, саноат кооперацияси бўйича қатор йирик лойиҳалар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилган.

“Россия Федерацияси мамлакатимиз МДҲга муваффақиятли биринчи бор раислик қилишига ҳамда Ўзбекистон Республикасига Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақоми берилишига салмоқли кўмаклашди”, дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида Президентлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам қатъий интилишлари ва бу борада биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришларини тасдиқлаган.

Келгуси йил режасига киритилган икки ва кўп томонлама тадбирларга пухта тайёргарлик кўришга келишиб олинган. Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3.2
t
×