Мирзиёев ва Эрдўған бир-бирини Қурбон ҳайити билан табриклади
Жамият
−
28 Июнь 2023
3871Бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўзаро телефон орқали мулоқот қилди
Давлат раҳбарлари бир-бирини ва қардош халқларни муборак Қурбон ҳайити билан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этган.
Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилаётгани, йил бошидан буён қарийб 100 та янги қўшма корхона ташкил этилгани қайд этилган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб имтиёзли савдо тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг кучга кириши ўзаро савдо ҳажмининг янада ортишига хизмат қилиши таъкидланган. Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида авиақатновлар кўпаяётгани айтилган.
Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилиб, Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 апрель куни Эрдўған Ўзбекистон Президентига Туркиянинг биринчи миллий электромобили Togg юборилишини айтган эди. 12 апрелда электромобил Шавкат Мирзиёевга топширилганди. 28 май куни Туркиядаги презтдентлик сайловида ғалаба қозонган Эрдўғанни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев биринчилар қаторида қутлаганди.