Мирзиёев Эрдўған совға қилган биринчи турк электромобилини ҳайдаб кўрди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 апрель куни Туркия Республикаси саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанк бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув кун тартибидан амалий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш, инновациялар ва илғор технологияларни жорий қилиш масалалари ҳамда Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг бошқа жиҳатлари ўрин олди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг топшириғига биноан Ўзбекистонга келган делегация ташрифининг мақсади Togg бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи миллий электромобилни намойиш этиш ва топшириш бўлди.

Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликда бугунги жадал суръатни, барча даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Бунга мисол тариқасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, устувор тармоқларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар кўпайгани таъкидланди.

Туркиянинг етакчи компанияларини қўшма, шу жумладан, автомобиль саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш ва узоқ муддатли саноат дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Togg электромобилининг тақдимоти бўлиб ўтди. Вазир Мустафо Варанк автотранспорт воситасининг техник кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, унинг калитини тантанали равишда топширди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев миннатдорлик билдириб, Туркия Президенти ва халқини машинасозлик тармоғида эришилган улкан муваффақият – электромобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан дилдан қутлаган.

Давлат раҳбари Туркияда биринчилардан бўлиб ишлаб чиқарилган ушбу электромобиль рулига ўтириб, уни ҳайдаб кўрди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған Togg электромобили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made