Эрдўған Мирзиёевга Togg электрокарини совға қилиб юборяпти
Олам
−
04 Апрель 2023
22579Туркияда ишлаб чиқарилаётган илк миллий автомобиль – Togg электрокари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам совға қилинади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 3 апрель куни Анқарада ўзига аталган автомобилни қабул қилиб олиш жараёнида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
Аввал хабар берганимиздек, Эрдўған мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электромобилнинг илк соҳиби бўлди ва бугун Анқарадаги Президент қароргоҳида биринчи хоним Эмина Эрдўған Togg T10X автомобилини синаб кўрди. Синовдан кейин журналистлар билан мулоқот қилган Туркия раҳбари автомобиль Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга юборилгани, тез орада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам топширилишини маълум қилди.
Эрдўған, журналистларнинг "Озарбайжон Президентига автомобиль юборилдими?" деган саволига қуйидагича жавоб берди:
"Аллақачон етказилди. Бугун топширишади. Унинг ранги қизил эди. Чунки Илҳом Алиев шунисидан хоҳлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам юборилади".
Маълумот учун, электромобиль нархи 1 миллион 55 минг лира (тахминан 55 минг 600 доллар), узоқ масофали модели эса 1 миллион 215 минг лира (тахминан 64 минг доллар)ни ташкил қилади.
Электромобиль 218 от кучига эга бўлиб, икки хил батарея варианти билан 314 ва 523 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Батареялар 28 дақиқадан камроқ вақт ичида 20 дан 80 фоизгача қувватланиши мумкин. Шунингдек, электромобилнинг иккинчи версияси жорий йилнинг октябрь ойида тақдим этилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам Хитойнинг BYD электромобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси