Мирзиёев ва Бердимуҳамедов қўнғироқлашди
Жамият
−
28 Август
3807Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 27 август куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг самимий саломини етказди.
Билдирилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар. Фаол сиёсий мулоқот ва алмашинувлар давом этмоқда, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатлар билан ўсмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучаймоқда.
Мунтазам равишда қўшма маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда.
Суҳбат чоғида транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги олдинги телефон мулоқоти 24 июль куни бўлган, ўшанда Туркманистон миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаганди. Бунгача эса 29 июнь куни Шавкат Мирзиёев Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни таваллуд куни билан табриклаганди.