Мирзиёев Ўзбекистонга нисбатан босимлар ҳақида гапирди

Жамият

image

Дунёдаги қудратли давлатлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 декабрь куни бўлиб ўтаётган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўз очди. 

Давлат раҳбари сўзи аввалида бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олаётгани, айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бераётганига эътибор қаратган. 

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз”, дейди давлат раҳбари.

Мирзиёев айнан қандай босимларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган. 

“Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. 

Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти”, дейди Президент сўзида давом этиб. 

У Ўзбекистон дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини алоҳида урғулаган. 

Эслатиб ўтамиз, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир  депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.

Жамоатчилик орасидаги норозиликлардан сўнг, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов бугун, 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Учрашувда Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Тошкентда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гапларига муносабат билдириб, бу Прилепин шахсий фикри эканини, Москва билан боғлиқлик жойи йўқлигини айтди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг