Мирзиёев Ўзбекистон нега “Толибон” билан мулоқот қилаётганига изоҳ берди

Жамият

image

Расмий Тошкент кун келиб Афғонистонда “Толибон” ҳокимияти ўрнататилишини икки йил олдин билган. Шу боис Президент топшириғи билан икки йил аввал “Толибон” билан мулоқот бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида фойдаланишга топширилаётган янги қуёш электр станцияси очилиш маросимидаги нутқида сўз очди. 

Давлат раҳбари сўзи аввалди нега Ўзбекистон “Толибон” билан мулоқотда бўлаётганига изоҳ берган. 

“Толибон” билан кеча ёки бугун эмас, икки йил олдин мулоқотни бошлагандик. Телевизорда кўрган бўлсангиз, уларнинг Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Биродар жаноби олийлари ҳам ўшанда Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий.

Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар мулоқотга киришишга тайёрман”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев сўзида давом этаркан, икки йил олдин бугунги воқеалар бўлишини билганини урғулайди: 

“2 йил олдинги таҳлилларимиз толибларнинг кучайишидан далолат берган эди. Шунинг учун икки йил олдин улар билан мулоқотларни бошлагандик”.

Афғонларо мулоқот

Маълумот ўрнида, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада бошланди.

Афғонлараро музокараларнинг бошланиши, Ҳукумат ва "Толибон"нинг музокара столига келишида Ўзбекистон, хусусан Президент Мирзиёевнинг иштироки катта. Мирзиёев иқтидорга келган илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади. 

2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори. 

2020 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида яна афғон муаммосига тўхталиб, шундай деган эди:

"Биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз".

Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳда АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди. 

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар эса афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат берди. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди.

Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганидан сўнг, у Тожикистон, Омон ва Ўзбекистонда экани айтилди. Бироқ, якунда уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Жорий йилнинг 18 август куни эса, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ашраф Ғани ва унинг оила аъзоларига бошпана берганини айтганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Толибон

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг