Мирзиёев Словения Бош вазирини Ўзбекистонга таклиф қилди
Олам
−
22 Май
1643Бугун, 22 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Словения Республикасига расмий ташриф доирасида ушбу мамлакат Бош вазири Роберт Голоб билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон билан Словения ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлган.
Бугун бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларнинг самарали натижалари юксак баҳоланган.
Савдо, инвестиция ва кооперация соҳаларида биргаликдаги ишларни фаоллаштириш муҳим экани таъкидланган. Ташриф доирасида ўтказиладиган бизнес форуми янги алоқаларни ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун самарали майдон бўлиши таъкидланган.
Талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн еврога етказиш чоралари кўриб чиқилган.
Қолаверса, меҳнат миграцияси соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритувчи экспертлар гуруҳини тузиш ва зарур норматив-ҳуқуқий базани тайёрлашга келишиб олинган.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва ўзбек маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорига чиқиши учун Копер порти инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини биргаликда ўрганишга келишиб олинган.
Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлган. Экологик туризмни, шу жумладан тоғли ва қишлоқ ҳудудларида ривожлантириш бўйича Словения тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирилган.
Қўшма таълим дастурларини ривожлантириш, шу жумладан Тошкент шаҳрида Ёшлар инновациялар форумини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилган. Шунингдек, келгуси йилда ўзаро маданият кунлари ва Любляна шаҳрида Ўзбек киноси ҳафталиги ўтказилишига келишиб олинган.
Ҳамкорликнинг белгиланган йўналишларини илгари суриш мақсадида жорий йилнинг июль ойида Любляна шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинган.
Бундан ташқари, эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилинади.
Учрашув якунида давлат раҳбари Словения Бош вазири Роберт Голобни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 май куни Мирзиёев Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусарнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Люблянага борганди. Бугун, 22 май куни эса Люблянадаги Конгресс майдонида Президент Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Қолаверса, бугун, 22 май куни Любляна шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словения Президенти Наташа Пирц Мусарнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси