Мирзиёев Путин билан нималар ҳақида гаплашди?
Олам
−
02 Сентябрь 10252 2 дақиқа
Бугун, 2 сентябрь куни Хитойнинг Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия раҳбари Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Россия етакчиси Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини мустақиллик куни билан самимий табриклаб, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилаган.
Илгарироқ бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолишга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим экани таъкидланган.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга оширишни жадаллаштириш, ҳудудлар ўртасида ва ташкил этилган қўшма саноат парклари доирасида кооперация алоқаларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Гуманитар соҳада, энг аввало, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 30 август - 3 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ўзбекистон Президенти 3 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Пекиндаги байрамларда, шунингдек, Камбоджа, Вьетнам, Лаос, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Непал, Мальдив ороллари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Эрон, Конго Республикаси, Зимбабве, Сербия, Словакия, Куба ва Мьянма давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 сентябрь куни Хитойга расмий ташриф доирасида Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди. Учрашув давомида Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга таклиф қилган.
Live
Барчаси