Мирзиёев коронавирусдан кейинги тўйлар қандай ўтказилишини маълум қилди

Жамият

image

Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 23 мартидан эътиборан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилди. Шундан кейин ҳам мамлакатда тўй, туғилган кун ва оилавий маросимлар уюштирганлар учради. Айримлар бундай тадбирларда коронавирус юқтириб олгани аниқланди. Чекловларни писанд қилмай, маросим ўтказганлар жавобгарликка тортилди. 

Бугун, 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида пандемия давридан кейин аҳоли турмуш тарзида одатга айланиши керак бўлган чоралар хусусида сўз борди. Унда давлат раҳбар тўйлар масаласига ҳам тўхталди. 

“Умуман, коронавирус йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши зарур. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса, маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур”, дейди давлат раҳбари. 

Президент Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатда каратин тугамаганини қайта ва қайта такрорлаб, карантин чекловларининг юмшатилиши аҳоли даромадларини тиклаш ва иқтисодиёт тармоқларини ишга тушириш билан боғлиқлигини урғулади. Жумладан Президент шундай дейди: 

“Барчангиз кўриб турибсиз, биз пандемияни жиловлашга жуда катта куч сарфлаяпмиз. Бу борада анча қийин ва оғир йўлни босиб ўтдик. Оғир йўлни танлаганмиз, лекин бу йўл ўзининг самарасини секин-секинлик билан беряпти. Бошқа йўл йўқ. 

Халқимиз карантин бошланган дастлабки кунлардаги ташвишли вазият яна қайтарилишини мутлақо истамайди. Қайсидир вилоят, қайсидир ҳудуд, қайсидир корхона карантинга риоя қилмаса, дарров ёптираман. Агар карантин нормаларига риоя қилмаса, ҳокимига ҳам, корхона раҳбарига ҳам жиноий жавобгарлик билан ёптираман. 

Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт: пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ”.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда тўйлар

Баҳолаганлар

4152

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг