Мирзиёев Конституцияни ўзгартириш нега керак бўлиб қолганини айтди
Жамият
−
20 Июнь 2022
12784Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ҳозирги таҳликали замон, мамлакатнинг ён-атрофида шаклланган мураккаб вазият билан боғлиқ. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда сўз очди.
“Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда?
Айрим юртдошларимиз, ҳатто баъзи олимларимиз ҳам Конституциямиз замонавий демократик талабларга жавоб беради-ку, унга ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми, деган саволни ўртага қўймоқда.
Тўғри, Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ”, дейди Мирзиёев.
Президент амалдаги Конституцияни қабул қилиш жараёнида иштирок этган комиссия аъзоси сифатида Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини яна бир бор таъкидлаб, шундай дейди:
“Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Шу билан бирга, бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур.
Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.