Мирзиёев келаси ҳафта Имрон Хон билан муҳим масалаларни муҳокама қилади
Жамият
−
11 Апрель 2021
10170Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон жорий йилнинг 14 апрель куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар.
Тадбир кун тартибидан икки томонлама амалий шериклик ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Асосий эътибор Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакатнинг етакчи корхона ва компаниялари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, авиақатновларни тиклаш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга қаратилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқадилар.
Саммит якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва таълим соҳаларига оид қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик мактубини йўллаганди.
Жорий йил январь ойида эса Покистон Ўзбекистон ва Афғонистон билан Трансафғон темирйўл лойиҳаси учун халқаро молия институтларидан 4,8 миллиард доллар кредит жалб қилиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолаганди.
LiveБарчаси