Покистон Бош вазири Мирзиёевга ташаккурларга тўла мактуб йўллади

Жамият

image

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик мактубини йўллади. У ўз номасида Ўзбекистон ва Покистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш кераклиги, минтақада икки мамлакатнинг ўзаро боғлиқлигини алоҳида урғулаган. 

“Сизни ва биродар Ўзбекистон халқини чин дилдан қутлашга ижозат бергайсиз.

Покистон ва Ўзбекистонни маданият, дин ва анъаналар муштараклигига асосланган яқин муносабатлар боғлаб турибди. Бизнинг тарихий ва тамаддуний алоқаларимиз миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмидир. Халқимиз Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига чуқур эҳтиром билан қарайди.

Мамлакатларимиз тараққиёти ва равнақи учун биз икки томонлама савдо муносабатларини кенгайтиришимиз ва иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашимиз лозимлигига қатъий ишонаман. Минтақамиз улкан инсоний ва табиий ресурсларга эга. Барча соҳаларда минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш мақсадида иқтисодиётларимизнинг бир-бирини ўзаро тўлдириб туришидан самарали фойдаланишимиз лозим”, дейди Имрон Хон. 

Кеча, 2 февраль куни Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд Ўзбекистон Президенти қабулида бўлди. Маълум қилинишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган. Имрон Хон ушбу учрашув муваффақиятли ўтганини айтиб, шундай дейди: 

“Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг 2020 йил сентябрь ойида Покистонга ташрифи чоғида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва яқин орада унинг биринчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган эди.

Менинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчимнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки томонлама савдо масалалари билан бир қаторда темир йўл коридорларини ривожлантириш, банк соҳасида, иқтисодий ва инвестициявий йўналишлардаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилишини мамнуният билан қайд этмоқчиман.

Ушбу ташриф умумий мақсадларга сари янада олға қадам ташлашимиз учун янги имкониятларни очади.

Мен икки томонлама муносабатларнинг бутун салоҳиятини ишга солишнинг қатъий тарафдориман”, дейди Покистон Бош вазири.

У мактуби сўнгида Мирзиёевга Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон халқига эса бардавом тараққиёт ва равнақ ато қилишини сўраган. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон томонидан Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқиш ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини илгари сурди. Ушбу лойиҳа учун халқаро молия институтларидан 4,8 миллиард доллар кредит жалб қилинади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия Имрон Хон

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг