Мирзиёев Қувасойдаги керамика корхонасига борди
Жамият
−
02 Февраль 2023
7074Бугун, 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги керамика корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган йил декабрда иш бошлаган ушбу корхона йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.
Корхонанинг маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.
Давлат раҳбари ташриф чоғида корхонада ва умуман Қувасой шаҳрида экспорт кўрсаткичларини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун чет элдаги саноат зоналари билан ҳамкорлик ўрнатиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев вилоятдаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишганди.