Мирзиёев Қатар Амири билан учрашув ўтказди

Жамият

image

Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Мирзиёев Амир ҳамда Қатар халқини миллий байрами – Мустақиллик куни билан самимий қутлаган.

Ўз навбатида, Қатар Амири Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мукофотни топшириш маросими Тошкент шаҳрида юксак савияда ташкил этилгани ҳамда кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик учун Президентга миннатдорлик билдирди.

“Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йилда Тошкент ва Доҳа шаҳарларида икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари очилди. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик лойиҳалар бошланди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, учрашувда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан “яшил” энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари кўриб чиқилган. Хусусан, Қатар томони Трансафғон темирйўлини барпо этиш лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаган.

“2024 йилда Доҳа шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишларини, икки мамлакат бизнес форумини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар келгуси йилда маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш масалаларини ҳам муҳокама қилди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, эришилган келишувлар ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида Мувофиқлаштириш кенгашини тузиш лозимлигини таъкидлаган. Мирзиёевнинг Ўзбекистонда БМТ шафелигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний амалий ташриф билан Тошкентга келганди. Етакчилар “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросимида қатнашди. Шунингдек, улар Конгресс марказида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида иштирок этди. Унда Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш таклифини илгари сурди ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича бериладиган халқаро мукофотни эгаларига тантанали топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қатар Тамим бин Ҳамад Ол Соний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг