Ўзбекистон ва Қатар етакчилари Тошкентда янги монументни очиб берди
Олам
−
19 Декабрь 2023
6574Бугун, 19 декабрь куни “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этди.
Тадбирда БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Александр Зуев ва хорижий мамлакатларнинг расмий шахслари ҳам қатнашди.
“Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний амалий ташриф билан Тошкентга келганди. Давлат раҳбарлари Қатар Амири ташаббуси билан таъсис этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича мукофот билан тақдирлаш маросимида иштирок этмоқда.