Шавкат Мирзиёев Қатар Амири билан мукофотларни эгаларига топширди
Жамият
−
19 Декабрь 2023
6375Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Конгресс марказида Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича бериладиган халқаро мукофотни эгаларига тантанали топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкентда бўлиб ўтаётган Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида Шавкат Мирзиёев мукофотни қўлга киритганларни дилдан қутлаб, уларга адолатни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига катта муваффақиятлар тилаган.
Ўзбекистон Президенти Қатар Амири билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофотини унинг эгаларига тантанали топширган.
Бунда “Коррупцияга қарши курашдаги ютуқлар” номинациясида “Transparency International” халқаро ташкилотининг собиқ раиси Хосе Карлос Угас Санчес Морено (Перу) совриндор бўлган.
“Таълим ва академик тадқиқотлар” номинациясида Сингапур Миллий университети собиқ профессори Джон Куа (Сингапур) ва Загреб университети профессори Сунчана Роксандич (Хорватия) ғолиб бўлди.
“Коррупцияга қарши курашишда ёшлар ижоди ва фаоллиги” учун мукофотлар “Youth4IntegrityBuilding” нодавлат ташкилотига (Кения) – директор Дамарис Асвега ҳамда “All4Integrity” нодавлат ташкилотига – асосчиси Андре Корреа ДʼАльмейдега топширилди.
“Инновациялар ва журналистик суриштирувлар” номинациясида суриштирувчи мухбир Клэр Рюкасл-Браун (Буюк Британия) ва Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги коррупцияга қарши курашиш бўлимининг собиқ раҳбари Фил Мейсон совриндор бўлди.
“Спортни коррупциядан ҳимоя қилиш” номинациясида мукофотларга журналист ва BBC бошловчиси Вайхига Мваура (Кения) ва “Central European News” ахборот агентлиги муҳаррири Шантану Гуха Рэй (Ҳиндистон) муносиб топилган.